Ўзбекча
Yangiliklar

20.02.2020 - “БИР МИЛЛИОН ДАРАХТ” АКЦИЯСИГА СТАРТ БЕРИЛДИ

  • Feb 21, 2020

Кунлар исиши билан ҳудудларда ободонлаштириш ишлари бошланади. Бу эса яқинлашиб келаётган кўклам, яшариш, янгиланиш фасли бўлган баҳордан дарак. Унда ҳар бир ташкилот, корхона ва муассасалар ўз фаолликларини, она табиат, атроф-муҳитга бўлган муносабатларини намоён этадилар.

Бу йил ҳам вилоятимизда кўклам олди ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари қизғин руҳда бошланди.

Хусусан, бугун – 2020 йилнинг 20 февраль куни Навоий шаҳри марказидаги давлат байроғи қад ростлаган майдонда вилоят “Юксалиш” умумиллий ҳаракати ташаббуси билан амалга оширилаётган “Бир миллион дарахт” шиори остидаги акциясига старт берилди. 

Навоий шаҳридаги “Ёшлик” маҳалласида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокимлиги, Навоий шаҳридаги давлат ва жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчилик вакиллари, шунингдек “Ҳудудгаз Навоий” МЧЖ ходимлари ҳам фаол иштирок этди. 

 Дарахтзорларнинг камайиб бориши ҳамда иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашиш, одамларни ихтиёрий равишда оммавий бирлаштириш орқали қулай атроф-муҳтни яратиш, Ўзбекистонда дарахтларни сақлаш, тиклаш ҳамда кўпайтириш муаммоларига жамоатчиликнинг эътиборини қаратиш мақсадида ташкил этилган мазкур акцияда “Ҳудудгаз Навоий” МЧЖ ходимлари 500 тадан ортиқ арча кўчатлари ўтқазишди. 

– Ниҳол қадаш савобли иш, - дейди жамият Бош директори Маҳмуд Нормаматов. – Бу анъана, аслида, ота-боболаримиздан маънавий мерос бўлиб келмоқда. Ерга ўтқазилган ҳар бир ниҳол ҳавонинг мусаффолиги, табиатнинг гўзаллигини таъминлаб, халқимизнинг баҳру дилини очади, саломатлигини янада мустаҳкамлайди. Бундан ташқари, жамият биноси атрофида ҳам ободонлаштириш ишлари олиб бормоқдамиз. Бунда ҳар бир ходимнинг фаоллик кўрсатиши ишимизнинг унумдорлигини оширмоқда.

Маълумот учун айтиш керак, “Бир миллион дарахт” акцияси вилоятимизда йилига икки марта кузда ва баҳорда ўтказилиши режалаштирилган.

“Ҳудудгаз навоий” МЧЖ матбуот хизмати