Saytda audio qo'llab-quvvatlash mavjud bo'lib, matnni eshitish uchun ushbu funksiya holatini tanlab qo'ying va kerakli matnni sichqoncha bilan belgilang
"Hududgaz Navoiy" газ таъминоти филиали тасарруфидаги шаҳар ва туман газ таъминоти бўлимлари томонидан ер ости газ қувурларининг муҳофаза зонасида қурилган бино ва иншоотлар хатловдан ўтказилганда вилоятдаги юқори, ўрта ва паст босимли газ қувурларининг муҳофаза ҳудудларида 149 та бино ва иншоот қурилганлиги аниқланди. Шундан газ қувурларининг муҳофаза ҳудудларида 41 та, газ қувурлари устида эса 108 та иншоот қад ростлаган. Вилоят маркази ҳисобланган Навоий шаҳрида газ қувурлари муҳофаза зонаси ва устидан ўзбошимчалик билан 69 та иншоот қурилган. Мазкур ҳолатлар таҳлил қилинганда, ноқонуний қурилган объектларнинг 49 таси аҳоли турар-жойлари, қолгани хизмат кўрсатиш биноларига тўғри келади. Айни вақтга қадар 55 та объектда ер остида қолган қувурлар ер устига кўчирилди. Қолган объектлар ҳам босқичма-босқич хавфсиз ҳудудларга кўчирилади.
– Навоий шаҳридаги "Олтин водий" маҳалласи Ислом Каримов кўчасидаги дорихоналардан бири ҳам газ қувури устида қурилган, – дейди "Hududgaz Navoiy" газ таъминоти филиали ахборот хизмати раҳбари Зебо Қутлиева. – "Навоийшаҳаргаз" газ таъминоти бўлими ходимлари томонидан ушбу дорихонадан ўтувчи ўрта босимли ер ости диаметри 159 мм бўлган газ қувури бинонинг муҳофаза зонасидан ташқарига кўчирилди. Натижада "Матонат", "Дўстлик", "Ҳумо" маҳаллаларида яшовчи истеъмолчиларга табиий газ хавфсиз етказиб берилиши таъминланди. Шунингдек, "Матонат" маҳалласида жойлашган савдо нуқталаридан бирининг остида қолган паст босимли газ қувури ҳам хавфсиз ҳудудга кўчирилди. Ушбу газ қувури орқали "Жасорат" кўчасидаги кўп қаватли уйда яшовчи 60 та истеъмолчига табиий газ етказилади.
Албатта, яшаш ёки тадбиркорликда фойдаланиш учун бунёд этилаёган иншоотнинг хавфсиз зонада бўлиши жуда ҳам муҳим саналади. Чунки ўзбошимчалик билан ер ости газ қувурлари устида ва муҳофаза зонасида қурилган ҳар қандай объект ундан фойдаланувчи шахслар ҳаётини хатарга қўйиши мумкин. Зеро, хавфсизликка риоя қилиш инсонни ҳар доим ёмон оқибатлардан, нохуш ҳолатлардан ҳимоя қилади.